Ўзбекистонда имтиёз ва преференциялар тақдим этиш тизими ислоҳ қилинмоқда

Дата: 17:33, 01-06-2018.

Тошкент. 1 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда имтиёз ва преференциялар тақдим этиш тизими ислоҳ қилинмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Имтиёзлар ва преференциялар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 31 майдаги қарори билан кўзда тутилган. 

Ҳужжат “мамлакатни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида иқтисодиётни эркинлаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш, товарлардан эркин фойдаланишни таъминлаш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг барча тоифалари учун тенг рақобат шароитларига эга бўлган ягона иқтисодий маконни шакллантириш” мақсадларида қабул қилинган.

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг солиқ тизимини ислоҳ қилиш доирасида соғлом рақобат муҳитини таъминлаш учун индивидуал солиқ ва божхона имтиёзлари бериш амалиётини максимал даражада чеклаш, имтиёзлар ва преференциялар бериш, уларнинг иқтисодий жиҳатдан асослилиги ҳамда самарадорлигини баҳолаш тизимини, шунингдек, улардан фойдаланишни мониторинг қилиш механизмларини такомиллаштириш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, солиқ ва божхона имтиёзларини фақат аниқ мақсадда бериш тартибини ишлаб чиқиш, уларни қўллаш самарадорлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш тизимини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Эндиликда солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан умуман тармоқлар, фаолият соҳалари, ҳудудлар учун берилади, шунингдек, аниқ мақсадга эга бўлиши ҳамда аниқ ижтимоий, иқтисодий ва молиявий натижаларга эришишни таъминлаши зарур.

Бундан ташқари, имтиёзлар беришга, божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўллаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган (импорт қилинадиган) товарлар рўйхатларини тасдиқлашга доир ҳукумат ва идоравий қарорларни қабул қилиш тақиқланади.  

“Божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўллаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган (импорт қилинадиган) товарлар рўйхатлари ва уларга тузатишлар, имтиёзлар бериш тўғрисида қонун ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжати мавжуд бўлган тақдирдагина, имтиёз берилган ташкилот томонидан шакллантирилади, шунингдек, уларнинг комплекс экспертизасини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” давлат унитар корхонасига киритилади”, - деб таъкидланади ҳужжатда.

Вақтинчалик имтиёзларни эса фақат 3 йил муддатга бериш кўзда тутилмоқда.  

Сурат манбаи: http://blog.debt-collector-singapore.com.sg/2017/

Янгилик билан ўртоқлашиш: