Ўзбекистонда информатика бўйича мактаб дастури қайта кўриб чиқилади

Дата: 13:41, 18-02-2019.

Тошкент. 18 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда информатика бўйича мактаб дастури қайта кўриб чиқилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Тошкент шаҳрида илк бора ўтказиладиган EPAM INSIDER анжумани ўтказилиши муносабати билан айтиб ўтди.

“EPAM ахборот технологиялари соҳасида дунёдаги энг катта аутсорсинг компанияларидан бири ҳисобланади. Шу боисдан ҳам EPAM INSIDER биринчи анжуманини қўллаб-қувватлаймиз. Боиси ушбу анжуман мактаб битирувчиларини ахборот технологиялари соҳасидаги касбларда ишлаш учун керакли билимлар билан тайёрлашга қаратилган IT-nation лойиҳаси мақсадлари билан ҳамоҳангдир”, - деди Ш. Шерматов.

23 февралда ХТВ кўмагида ўтказиладиган конференция доирасида нафақат техник маърузалар, балки EPAM экспертлари қандай лойиҳалар билан иш олиб бораётгани, халқаро АКТ компаниясида қандай ўсиши ҳақида айтиб ўтилади ва иштирокчиларни қизиқтираётган саволларига жавоблар берилади.

Қайд этилишича, EPAM бугунги кунда дастурий таъминот ва рақамли платформалар ишлаб чиқиш бўйича дунёдаги етакчи провайдерлар сирасига киради. Анжуманнинг асосий мақсади Тошкентда АКТ мутахассислари билан мулоқот қилиш, тажриба алмашиш, бизнесдаги амалий иш ва кўникмаларни бўлишиш учун имкон берувчи платформа яратишдир.

Шунингдек, дастур доирасида I Can Code дастурлаш бўйича мусобақаси ҳам бўлиб ўтади.

Сурат манбаи: proforientator.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: