Ўзбекистонда инновацион ривожланиш концепцияси ишлаб чиқилади

Дата: 15:47, 12-01-2018.

Тошкент. 12 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда республиканинг Инновацион ривожланиш концепцияси, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги, “Венчур тадбиркорлиги тўғрисида”ги ҳамда “Технологик парклар (технопарклар) тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси (ЎзЛиДеП) фракциясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги йиғилишида гапирилди.  

Депутатлар Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш бўйича партия томонидан ишлаб чиқилган комплекс чора-тадбирлар режасини муҳокама қилдилар. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини оғишмай амалга ошириш, ягона Солиқ кодексини ишлаб чиқиш, қонунчилик ва норматив ҳужжатлар ижодкорлигини такомиллаштиришга доир концепцияни қабул қилиш фракция олдида турган муҳим вазифалардан бири эканлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, вазифалар орасида “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тўғрисида”ги, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурини ишлаб чиқишда аниқ таклифлар билан қатнашиш кабилар ҳам бор.

Бунда энг асосий эътиборни тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга, бизнес соҳасидаги солиқларни қисқартиришга, кредит олиш имкониятларини кенгайтиришга, ёш ва фаол тадбиркорлар авлодини тарбиялашга қаратиш лозим.

Шунингдек, йиғилишда Олий Мажлис ҳузурида илмий-тадқиқот эксперт муассаси шаклидаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтини ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Сурат манбаи: http://www.daikinapplied.eu/en/index/page/azienda/8

Янгилик билан ўртоқлашиш: