Ўзбекистонда Инновация маркази яратилмоқда

Дата: 21:44, 05-07-2017.

Тошкент. 5 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Инновация маркази яратилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

У Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 июн куни “Ўзбекистон Республикасида ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ташкил этилади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълумотига кўра, фармонга мувофиқ, мамлакатда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини тараққий эттириш, дастурий таъминот саноати ривожлантириш, экспортбоп АКТ-ишланмалари кўламини кенгайтириш мақсадида илк марта Mirzo Ulugbek Innovation Center Инновация маркази ташкил қилинмоқда.

Инновация маркази ҳудудийлик тамойили асосида ташкил қилинади. Яъни, АКТ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни кенгайтириш, ишлаб чиқарувчиларга максимал даражадаги мақбул шароитларни яратиб бериш мақсадида, мамлакатнинг хоҳлаган ҳудудида фаолият олиб бораётган ИТ-ишлаб чиқарувчиларига мазкур тузилмага аъзо бўлиш ҳуқуқи берилади. Инновация марказининг ишлаш муддати 10 йилни ташкил қилиб, келгусида уни узайтириш имконияти сақлаб қолинади.

Инновация маркази фаолиятининг асосий йўналишлари этиб Инновация маркази резидентларига ички ва ташқи бозорларга мўлжалланган рақобатбардош АКТ лойиҳаларни амалга оширишлари учун хорижий инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашиш; олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларининг «ахборот технологиялари» мутахассислиги бўйича битирувчиларини иш билан таъминлашга кўмаклашиш; АКТ соҳаси учун кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил қилиш; иқтидорли ёшларнинг стартап ИТ-лойиҳаларини, ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқиш соҳасида истиқболли йўналишлар бўйича инновацион лойиҳаларини амалга оширишда ёш тадбиркорларни қўллаб-қуватлаш кабилар белгиланган.

Қабул қилинган фармонга мувофиқ, Инновация маркази резидентларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашда қатор имтиёз ва преференциялар кўзда тутилади. Жумладан, Инновация маркази резидентларининг ходимлари учун қўшимча имтиёзлар, жумладан 2028 йилнинг 1 январигача олинган меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадлар жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган қайд қилинган ставка бўйича 7,5% солиқ ундирилиши, фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига 4,5% ставка бўйича суғурта бадаллари тўлашлари кўзда тутилган. Бунда солиқ солиш мақсадида белгиланадиган жисмоний шахсларнинг умумий йиллик даромадлари ҳажмига киритилмаслиги белгиланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: