Ўзбекистонда инновациялар амалиётга жорий этишга яқинлаштирилади
Тошкент. 11 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ОТМда илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича инновацион фондлар ва бўлинмалар пайдо бўлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
ОТМнинг инновацион жамғармаларини шакллантириш инновацион маҳсулотларни тижоратлаштиришдан олинадиган даромадлар, олий таълим муассасаларининг иш ҳақи, стипендия тўлаш, шунингдек, бошқа жорий харажатлари қоплангандан кейин тўлов-контракт маблағларининг 5 фоиздан кам бўлмаган миқдорини йўналтириш ҳисобига амалга оширилади.
Инновацион жамғармаларнинг маблағлари илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни рағбатлантиришга, илмий-лаборатория ускуналари, сарфлаш материаллари ва бутловчи буюмлар сотиб олишга, илмий-тадқиқот инфратузилмасини шакллантириш ва янгилашга, илмий ходимларни моддий рағбатлантиришга, инновация фаолияти билан боғлиқ бошқа харажатларни амалга оширишга йўналтирилади.
Олий таълим муассасаларининг илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича бўлинмаларининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари сирасига бозорни тизимли равишда таҳлил қилиш ва инновацион маҳсулотларга (иш, хизмат) бўлган талабни ўрганиш, ўзини қоплаш муддатини, рентабеллик ва инновацион маҳсулотларни тижоратлаштириш билан боғлиқ хатарларни баҳолаш, юқори тижорат салоҳиятига эга ва амалга оширишга тайёр бўлган, ўзлаштириш учун истиқболли лойиҳаларни танлаб олиш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун инвесторлар, шериклар ва бошқа манфаатдор шахсларни жалб қилиш, янги технологияларни жорий қилиш ва инновацион маҳсулотларни ишлаб чиқариш мақсадида саноат корхоналари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш кабилар киради.
Бу Ўзбекистон президентининг 7 майдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган чоралар жумласидандир.
Шунингдек, олий таълим муассасаларида илмий ишлар бўйича проректор лавозими ўрнига илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор лавозимини жорий этилади.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг илм-фан бўйича директор ўринбосарларини бир вақтда тегишли йўналишдаги олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори лавозимларига ҳам тайинланади.
Шу билан бирга, улар инновация фаолиятига оид масалалар, илмий-инновацион ишланмаларни жорий этиш ва тижоратлаштириш натижалари бўйича бевосита Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига ҳисобдордир.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги тузилмасида давлат бюджети маблағларидан молиялаштириладиган қўшимча 10 та штат бирлигини ажратилиб, Фан ва илмий-техник тадқиқотларни ривожлантириш бошқармасини ташкил этилади.
Республикада инновацияларни ривожлантиришга кўмаклашган алоҳида тадбиркорлик субъектларини тақдирлаш маросимини ўтказишни назарда тутиб, республикада ҳар йили Инновацион ғоялар ҳафталиги – “InnoWeek.Uz” ўтказилишини ташкил қилиш ҳам режалаштирилди.
Сурат манбаи: https://sitel.com.mk/potpishan-dogovor-za-zaednichki-razvoj-na-it-proekti-so-netgrup-od-estonija