Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро форум бўлиб ўтади

Дата: 16:14, 19-10-2016.

Тошкент. 19 октябр. ЎзТАГ – 20-21 октябрда Тошкентда “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашнинг миллий тизими: мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Яқинда мазкур тадбирга бағишлаб ўтказилган брифингда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов нутқ сўзлади. Тадбир БМТТД, ЕХҲТ лойиҳаларининг Ўзбекистондаги координаторлари, германиянинг Фридрих Эберт жамғармаси кўмагида ўтказилмоқда.

Анжуман Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Адлия вазирликлари, Бош прокуратура томонидан ташкил этилмоқда.

БМТ Олий комиссарининг бошқармаси, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг доимий комиссияси, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Европа Кенгашининг Венеция комиссияси ва бошқа нуфузли ташкилотлар вакиллари форумдаги иштирокларини таъкидлаганлар.

Конференцияда Ўзбекистонда мустақиллик йилларида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ҳуқуқий мақомини янада мустаҳкамлаш борасидаги ишлар тўғрисида дунё жамоатчилигининг хабардорлигини ошириш, мазкур йўналишдаги ишлар,  инсон ҳуқуқлари бўйича  миллий институтларнинг парламент ва  парламент таркиблари билан ўзаро алоқалари, инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилишнинг суддан ташқари ва суд ҳимояси механизмларини яратиш кабилар муҳокама қилинади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: