Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 70 йиллиги нишонланади
Тошкент. 10 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида”ги фармон қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ҳужжатда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида назарда тутилган асосий тамойиллар ўзининг ифодасини топган”и таъкидланган. Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг қўшилган дастлабки халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири бўлган.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 70 та асосий ҳужжатга қўшилди, БМТ томонидан ушбу соҳада қабул қилинган 10 та асосий халқаро шартнома иштирокчисига айланди.
“Ўзбекистон Республикасида миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига халқаро стандартларни тизимли ва босқичма-босқич имплементация қилишнинг ўз модели, инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши мониторинги миллий тизими шакллантирилган”и ҳам қайд этиб ўтилган.
Фармон билан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган Тадбирлар дастури тасдиқланган.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган халқаро тадбирларда Ўзбекистон вакилларининг фаол иштирок этиши бўйича халқаро ташкилотлар, энг аввало, БМТ муассасалари билан яқин ҳамкорлик қилишини таъминлаш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда 2018 йил 10 декабрда мамлакатимиздаги барча мактаб, лицей, коллеж, олий таълим муассасаларида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган умуммиллий дарс ўтказиш ҳам топширилган.
Сурат манбаи: http://www.dodifaedlulloh.com/2011/09/about-networks-partisipasi-solidaritas.html