Ўзбекистонда “Intellect2All” IT-лойиҳалари конкурс якунлари сарҳисоб қилинди
Тошкент. 18 сентябр. ЎзТАГ – Куни-кеча Тошкентда “ICTWEEK Uzbekistan 2015” ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида ўтказилган “Intellect2All” танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ёшлар ташаббуслари марказидан маълум қилишларича, танловнинг финал босқичида, “Веб-ишланмалар” номинациясида Тошкент шаҳридан “Futbol.uz” лойиҳаси энг яхши деб топилди. “Мобил иловалар” йўналишида Фарғонанинг «FFIX» жамоаси «Идеал хизматлар» мобиль иловаси билан ғолиб бўлди. Виртуал воқелик бўйича иловалар яратиш йўналишида Тошкент шаҳрининг «VR+» жамоаси биринчи бўлди. Ушбу жамоанинг «Менинг азиз Тошкентим» лойиҳаси ўз номинациясида энг яхши, деб эътироф этилди. Лойиҳа муаллифлари дипломлар ва лойиҳани амалга ошириш учун маблағлар билан тақдирланди.
Эслатиб ўтамизки “Intellect2All” танлови Ёшлар ташаббуслари маркази томонидан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва Тошкент ахборот технологиялари университети кўмагида ташкил этилган.
Конкурс Замонавий ахборот технологиялари соҳасида ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга йўналтирилган. Танлов инновацион ғояларини амалга оширишга ҳаракат қилаётган 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларга мўлжалланган.
Танловнинг республика босқичи биринчи куни таълим семинарлари ўтказилди. Замонавий ахборот технологиялари бозорининг етакчи мутахассислари маҳорат сабоқлари ўтказиб, иштирокчиларга ахборот технологиялари соҳасидаги бизнес, ушбу йўналишда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш хусусида сўзлаб берди. Тошкентдаги ИНХА университети вакили Шахруз Аширов ва “YaranConsulting” аудиторлик компанияси раҳбари Евгения Сон конкурсантларга ахборот технологиялари соҳасидаги тадбиркорлик сирлари ҳақида сўзлаб бердилар.
Тадбир иштирокчилари SamsungGearVR ва GoogleCardboard, Leapmotion MyoGestureControlArmband ва MindWave каби янги технологиялар билан танишиш имкониятига эга бўлдилар.
Бош совринлардан ташқари, раҳбатлантирувчи совринлар ҳам берилди.