Ўзбекистонда интеллектуал мулк ҳуқуқларининг бузилишига доир 624 ҳолат аниқланди
Тошкент. 23 ноябр. ЎзТАГ – 2015 йилнинг 9 ойида Ўзбекистонда интеллектуал мулк соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилиниши бўйича аҳоли гавжум жойлар, бозорлар, савдо комплекслари ва шохобчаларда ўтказилган текширувлар натижасида контрафакт фонограмма ва аудиовизуал маҳсулотлар ва ЭҲМ учун дастурлар ноқонуний савдосига доир 624 ҳолат аниқланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу маълумотлар Тошкентдаги "Муаллифлик ҳуқуқи соҳасида замонавий тенденциялар ҳамда контрафактга қарши кураш" мавзусида халқаро семинарда очиқланди.
Ҳисобот даврида Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ идораларига 178 699 та аудиовизуал маҳсулотлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурлар бўйича 170та эксперт хулосалари берилгани таъкидланди. Берилган хулосаларга асосан контрафакт маҳсулотларнинг умумий қиймати 1 841 786 500 сўмни ташкил қилди.
Муаллифлик ҳуқуқи бўйича халқаро семинар Ўзбекистон Интеллектуал мулк агентлиги томонидан Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) билан биргаликда ташкил этилди.
Унда БИМТ мутахассислари, Россия, Беларусь, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон Республикаси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, ЎзР Адлия Вазирлиги Юристлар малакасини ошириш маркази, "ЎзАрхив" агентлиги, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона вакиллари қатнашдилар.
Семинарни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар ҳуқуқий муҳофазасига оид долзарб масалаларни муҳокама қилишдан, ҳамда ушбу соҳа бўйича тажриба алмашишдан иборат.