Ўзбекистонда инвестицион лойиҳалар билан ишлаш тубдан осонлаштирилади
Тошкент. 27 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда инвестицион лойиҳалар билан ишлаш тубдан осонлаштирилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Барча бу чоралар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 26 июль куни хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш, бу борадаги камчиликларни бартараф этиш, сармояларни ўзлаштиришни жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинди.
“Биринчидан, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналар ва ҳокимликлар таклифлари асосида истиқболли лойиҳаларнинг йиғма рўйхати шакллантирилиб, шу асосда Инвестиция қўмитаси томонидан халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш тартиби белгиланди. Иккинчидан, лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосини Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида экспертизадан ўтказиш талаби бекор қилиниб, улар фақат Инвестиция қўмитаси ва Молия вазирлигида бир вақтнинг ўзида экспертиза қилинади. Натижада, аввал мазкур экспертиза учун ўртача 60 кун кетган бўлса, энди 14 кун талаб этилади. Шу билан бирга, лойиҳани амалга ошириш жараёнида шартномалар қиймати аниқ сабабларга кўра 20 фоизгача ошадиган бўлса, тасдиқланган техник иқтисодий асосларга ўзгартириш киритилмайди. Илгари ушбу жараёнлар ҳам камида 3-6 ой вақтни олар эди”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.
Учинчидан, тендер ҳужжатлари ва тендер асосида тузилган шартномалар энди ҳеч қандай экспертизадан ўтмайди. Тендер ҳужжатларини бундан буён харид комиссияси тасдиқлайди, шартномалар эса Инвестиция қўмитасида рўйхатдан ўтказилади.
Илгари “кворум йиғилмади” деган баҳона билан тендерлар қолдирилиб, ойлаб, ҳатто йиллаб чўзилиб кетар эди. Энди тендер комиссияларида бу талаб бекор қилинди. Агар кворум йиғилмаса ҳам, Инвестиция қўмитаси ва “Ўзинжиниринг” лойиҳа институти вакиллари иштирок этаётган бўлса бўлди, тендер ўтказилади.
Тендерлар бўйича яна бир енгиллик – талабгорлар сони бўйича талаб бекор қилинди. Илгари 1 та лотга камида 3 та талабгор бўлмаса, тендер ўтказилмас эди. Энди талабгор битта бўлса ҳам, тендер ўтказилади, фақат ҳужжатлар халқаро ва хорижий молия ташкилотларининг талабларига мос бўлса бўлди.
“Тўртинчидан, халқаро ва хорижий молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳалар доирасида харид қилинадиган товарлар қўшилган қиймат солиғи, божхона тўловлари, мақсадли жамғармаларга йиғимлардан, норезидент шахслар фойда ва даромад солиғидан озод этилди. Шунингдек, лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиладиган хорижлик мутахассислар консуллик йиғимлари ҳамда виза бериш, рўйхатга қўйиш ва узайтириш учун давлат божидан ҳам озод этилади”, - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамизки, жорий йилда инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари дастурлари доирасида барча манбалар ҳисобидан 2 минг 612 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириб, жами $6,85 млрд дан зиёд маблағларни ўзлаштириш белгиланган.
Сурат манбаи: https://bash.news/news/30738_v_bashkirii_v_perechen_investproektov_vkljuchili_cekh_po_