Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни пайсалга солаётган раҳбарлар қаттиқ танқидга олинди
Тошкент. 31 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни пайсалга солаётган раҳбарлар қаттиқ танқидга олинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу танқид 30 май куни Тошкентда 2017 йилги Инвестиция дастурига киритилган ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат ҳудудларига ташрифлари давомида ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ишларнинг ҳолатини танқидий таҳлил қилиш ва баҳолаш масалалари кўриб чиқилган видеоселектор йиғилишида янгради.
“Шу билан бирга, йиғилишда айрим тармоқлар ва ҳудудлар раҳбарларида масъулият, талабчанлик ва ташаббускорлик етишмаётгани, бунинг оқибатида кўпгина инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда сусткашликка йўл қўйилаётгани қаттиқ танқид қилинди. Жумладан, шу йилнинг биринчи ярмида 10 лойиҳа бўйича объектларни ишга тушириш муддатлари асоссиз равишда кечиктириб юборилгани, 9 лойиҳани молиялаштириш бўйича шартномалар тузиш, 10 лойиҳа юзасидан лойиҳа-смета ҳужжатларини тасдиқлаш ишлари пайсалга солиб келинаётгани аниқ мисоллар билан кўрсатиб ўтилди. Тармоқлар раҳбарлари ва лойиҳалар ташаббускорлари олдига ана шундай муаммоларни тезлик билан ҳал қилиш, бу борадаги қолоқлик ҳолатларини бартараф этиш қатъий вазифа қилиб қўйилди”, - дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, Мирзиёев инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилмаслиги оқибатида замонавий объектларни ишга тушириш муддатлари кечикиши, бу эса талаб юқори бўлган маҳсулотларнинг бозорга етиб боришига, қанча-қанча одамлар, аввало, ёшларнинг иш билан таъминланишига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаб, бундай ҳолатларга йўл қўйган мутасадди раҳбарларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.