Ўзбекистонда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ташкил этилди
Тошкент. 3 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Эндиликда айнан шу янги муассаса ягона давлат инвестиция, жумладан, хорижий инвестициялар жалб қилиш сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича давлат органи бўлади.
Республикада инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, мамлакат ҳудудида инвестиция фаолиятини кенгайтириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш кабилар қўмитанинг асосий вазифаларидан бўлади.
“Шунингдек, қўмита Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар, халқаро иқтисодий ва молия институтлари, чет эл банклари, жамғармалари, агентликлари, компаниялари ва бошқа халқаро ҳуқуқ субъектлари билан инвестиция соҳасидаги ҳамкорлигини ўзаро манфаатли асосда ривожлантириш ва ҳамкорлик йўналишларини диверсификация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун масъул бўлади”, - деб қайд этилади хужжатда.
Бошқа йўналишлар орасида хорижий инвестициялар жалб этиш бўйича асосий йўналишларни белгилаш ва амалга ошириш, шунингдек, халқаро молия институтлари ва чет эл инвесторлари билан инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилари, халқаро ташкилотлардаги доимий вакилларининг фаолиятини мувофиқлаштириш кабилар бор.
Бундан ташқари, янги муассаса инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини тизимли назорат қилиш, чет эл капитали иштирокидаги корхоналар фаолиятини, шунингдек, инвесторлар томонидан инвестиция мажбуриятлари қандай бажарилаётганини таҳлил қилиш, хорижий инвестициялар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўриш асосида мамлакатимиз иқтисодиётига жалб этилаётган хорижий инвестициялардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш учун жавоб беради.
Эндиликда давлат раҳбарининг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчилари, халқаро ва хорижий молия институтларидаги доимий вакиллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг буйруғига асосан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.
Бундан ташқари, қўмитага Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг чет эл компания ва ташкилотлари ваколатхоналарини аккредитациядан ўтказиш вазифаси ўтказилмоқда.
Яна бир муҳом жиҳат – 2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси зиммасига инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида технологик ускуналар, бутловчи буюмлар ва материаллар етказиб бериш, шунингдек, битта шартнома бўйича қиймати $100 мингдан ортиқ ҳажмдаги ишларнинг (хизматларнинг) бажарилиши юзасидан тендер (танлов) савдолари натижаларини мувофиқлаштириш, экспертизадан ўтказиш, келишиш ҳамда уларга риоя этилишини назорат қилиш вазифалари юклатилади.