Ўзбекистонда инжиниринг компаниялари мутахассисларига ҳақ тўлаш шартлари қайта кўриб чиқилди

Дата: 13:13, 29-05-2014.

Тошкент. 29 май. ЎзТАГ - Ўзбекистонда инжиниринг компаниялари мутахассисларига ҳақ тўлаш шартлари қайта кўриб чиқилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ). Бу ҳақидаги маълумот Norma.uz сайтида эълон қилинган.
Ҳукуматнинг 2014 йил 14 майдаги 124 сонли қарори билан ягона буюртмачи хизмати (инжиниринг компаниялари) раҳбар ходимлари ва мутахассислари учун ягона тариф сеткаси бўйича меҳнат ҳақи тўлашнинг амалдаги коэффициентларига оширувчи коэффициентлар белгиланди. Ушбу коэффициентлар 2014 йилнинг 1 январидан бошлаб жорий этилмоқда.
Хужжатга мувофиқ, агар инвестиция лойиҳаларининг барча молиялаштириш маблағлари бўйича йиллик ҳажмлари ялпи 50 млрд сўмдан ошса, ушбу коэффициент 1,8, 50дан 100 млрд сўмгача – 1,9, 100 млрд сўм ва бундан кўп бўлса - 2 қилиб белгиланди.
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ишлар бошқармаси, ИИВ ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги учун инвестиция лойиҳалари молиялаштириш ҳажмидан қатъий назар 2га тенг бўлган оширувчи коэффициент қўлланилади.
Оширувчи коэффициент миқдори эса барча молиялаштириш манбалари бўйича инвестицион лойиҳалар ҳажмига ўзгартишлар киритилганидан кейинги ойдан бошлаб қайта кўриб чиқилади, дейилади хужжатда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: