Ўзбекистонда “Ипак йўли” туризм халқаро университети ташкил этилди

Дата: 15:47, 29-06-2018.

Тошкент. 29 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда “Ипак йўли” Халқаро туризм университети ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Ўзбекистон президентининг “Ипак йўли” туризм халқаро университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида айтиб ўтилган.

“2019/2020 ўқув йилидан бошлаб университетда халқаро туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича таълимнинг кредит тизими қўлланади”, - дейилади ҳужжат матнида.

Университетда ўқиш ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилиши белгиланди, бакалавриатда Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини ҳисобга олган ҳолда иккита чет тили: биринчиси – инглиз (француз, немис) тили, иккинчиси – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг расмий тилларидан (рус, хитой) бири ўқитилади.

Шунингдек, университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат деб эътироф этиладиган, белгиланган намунадаги диплом берилади.

Бундан ташқари, қарор билан 2018/2019 ўқув йилида университет бакалавриатига қабул қилиш квотаси таълим йўналишлари юзасидан, қонун ҳужжатларига мувофиқ оширилган контракт ставкалари бўйича қўшимча қабул қилиш имконияти билан, 125 киши, жумладан, давлат грантларига кўра 42 киши этиб тасдиқланди.

Сурат манбаи: https://www.uzdaily.uz/articles-id-38176.htm

Янгилик билан ўртоқлашиш: