Ўзбекистонда ипотека кредитлари бериш шартлари белгиланди
Тошкент. 19 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ипотека кредитларини тақдим этиш шартлари белгилаб олинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ, Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки, “Ипотека банк” АТИБ, Халқ банки АТБ, “Асака” АТБ ва “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБларининг 2018 йил 1 июлдан 2020 йил 1 январгача бўлган даврда 20 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр ҳамда биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7% ставкаси билан ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида ипотека кредитларини тақдим этиш ҳақидаги таклифларига розилик берилсин”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018 йилда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” қарорида.
Хусусан, улар қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон
уй-жойлар қуриш учун уй қурувчиларга дастлабки бадал: 0,02 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган икки, уч, тўрт, беш қаватли кўп квартирали (2 ва 3 хонали) ва 2, 3 хонали бир қаватли арзон уй-жойлар учун – 10% миқдорида;
0,04 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган икки қаватли
4 хонали бирлаштирилган арзон уй-жойлар ва 0,06 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган 3, 4 ва 5 хонали арзон уй-жойлар учун – 25% миқдорида бўлишини назарда тутган ҳолда ажратилади.
Шунингдек, кредитлар шаҳарларда ёш оилаларга, эски уйларда яшовчиларга ва турар жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларнинг бошқа тоифаларига дастлабки бадалнинг табақалаштирилган миқдорини амалиётга жорий этган ҳолда, арзон кўп квартирали уйларни ўртача 15% миқдоридаги дастлабки бадал билан сотиб олиш учун берилади.
Сурат манбаи: http://uz24.uz/en/Society/in-samarkand-region-more-than-a-thousand-houses-on-standard-projects-will-appear