Ўзбекистонда IPTV приставкалари ва роутерларнинг янги турлари ишлаб чиқарила бошланди

Дата: 17:52, 08-09-2016.

Тошкент. 8 сентябр. ЎзТАГ – “Telecom Innovations” ҚКда Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида Home Gateway сериясидаги IPTV приставкалари ва роутерларнинг янги турлари ишлаб чиқарила бошланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Иқтисодиёт вазирлиги маълумотларига кўра, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий ҳудудида фаолият кўрсатаётган ўзбек-сингапур-хитой қўшма корхонаси рақамли телевидение сигналларини қабул қилиш ускунаси, ADSL модемлар ва DSLAM қурилмалари ишлаб чиқаришда етакчи корхоналардан биридир.

Бу ерда ишлаб чиқариш Хитойнинг “ZTE” компаниясининг тўғридан-тўғри инвестицияси эвазига йўлга қўйилди. Қўшма корхона 2010-йилдаЎзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи вақтида эришилган келишувларни амалга ошириш ва икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган.

Натижада корхонада амалга оширилган модернизация ишлари самарасида қурилмалар тури 5 дан 15 тага етказилди. Жумладан, 2013-йилда 1600 қурилма ишлаб чиқарилган бўлса, 2015-йилда бу кўрсаткич 16460 га етди.

Корхона ИСО 9001:2009 сифат менежменти тизимига эга. 2015-йилда ҚК сифат, етакчилик ва мукаммаллик йўналишида “International Quality Crown Award» (IQC) мукофоти билан тақдирланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: