Ўзбекистонда ишлабилармонлик фаоллиги индекси 1,3% ўсди
Тошкент. 24 май. ЎзТАГ – 2016 йилнинг апрелида Ўзбекистонда ишлабилармонлик фаоллиги индекси (ИФИ) жорий йилнинг мартига солиштирганда 1,3% ва 2015 йилнинг январига солиштирганда 27% ўсди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Иқтисодий тадқиқотлар маркази (ИТМ) томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, ИФИ кўрсаткичи апрелда 1013 пунктга етган (1 мингдан юқори белги фаоллик ўсишини, 1 мингдан паст кўрсаткич пасайишни билдиради).
Таъкидланишича, апрелда ишбилармонлик фаоллигининг март ойига нисбатан ўсиши ИФИнинг барча тўрт таркибий қисми ўсиши билан изоҳланади. Буларга хўжалик субъектларининг банк ҳисоблари бўйича операциялар миқдори 1,4% кўпайиши, товар-хомашё биржасида хомашё харид жадаллиги 0,3% ўсиши, амалдаги хўжалик субъектлари компоненти 0,1% яхшиланиши ҳамда савдо белгилари муҳофазаси ва мулк ҳуқуқидан фойдаланиш бўйича бизнес фаоллиги 25%га яхшиланиши каби кўрсаткичлар киради.
Маълумот ўрнида, ишлабилармонлик фаоллиги индекси Иқтисодий тадқиқотлар маркази томонидан 2014 йилдан бери ҳисоблаб келинади.