Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида долзарб ойлик эълон қилинди
Тошкент. 24 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида долзарб ойлик эълон қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ҳар бир фермер хўжалиги бўйича дон етиштиришда ҳосилдорликни гектарига камида 10 центнерга ошириш юзасидан долзарб ойлик эълон қилиб, 21 апрелгача кунма-кун амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаш зарурлиги таъкидланди. Чигит экишни сифатли ўтказиш ва тўлиқ кўчат олиш масаласига эътибор қаратилди”, - дейилади Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг 23 март куни қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлигига бағишланган видеоселектор йиғилишга доир хабарида.
Таъкидланишича, жорий йилда 1 миллион 71 минг гектардан ортиқ майдонга чигит экиш белгиланган. Бу 2017 йилга нисбатан 135 минг гектарга, 2016 йилга нисбатан эса 184 минг гектарга камдир. Чунки фермерларга фақат зарар келтирадиган, ҳосилдорлиги 15 центнердан паст бўлган ерларга пахта экишдан воз кечилди, бунинг ўрнига харидоргир маҳсулотлар экилиши белгиланди.
“Шу боис Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ва туманлардаги секторлар раҳбарларига чигит экиш ишларини мутлақо янги тизим бўйича ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Мавсумда талаб этиладиган уруғлик, минерал ўғит, чигит экиш техникаси ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотларини аниқ ҳисоб-китоб ва жадвал асосида етказиб бериш, 15 апрелгача чигит экиш ишларини тўлиқ якунлаб, 25 апрелга қадар ниҳол ундириб олиш зарурлиги таъкидланди”, - дейилади хабарда.
Сурат манбаи: http://nozdr.ru/biblio/history/color/djupake/1956/poljot_v_uzbeksitan