Ўзбекистонда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми 6,7% кўпайди
Тошкент. 2 май. ЎзТАГ – 2016 йилнинг I чораги якунлари бўйича Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ялпи ҳажмининг ўсиши 6,7% ташкил қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги коллегиясининг ҳисобот йиғилишида вазир Шуҳрат Тешаев томонидан келтирилди.
Саноат маҳсулотининг ўсиши 11,4%, халқ истеъмоли моллари ўсиши 4% ташкил этгани таъкидланди.
Чораклик лимит доирасида прогноздагига солиштирганда 102% капитал киритмалар ўзлаштирилди. Бундан давлат бюджет маблағлари ҳисобига 92,1 млрд сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.
I чоракда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича Давлат дастурига мувофиқ, 91,4 млрд сўм бюджет маблағлари ўзлаштирилди.
Коллегия йиғилишида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга фан ютуқлари, экинларни етиштиришда интенсив технологияларни жорий қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.