Ўзбекистонда ишсизликни жамоат ишлари билан ҳал қилиш тажрибаси кенгайтирилади
Тошкент. 23 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ишсизликни жамоат ишлари билан ҳал қилиш тажрибаси кенгайтирилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу масала Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида “Жамоат ишлари жамғармаси фаолиятини самарали ташкил этиш” мавзусида ташкил этилган семинарда муҳокама қилинди. Тадбир Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Навоий вилоят ҳокимияти билан биргаликда ташкил этилди.
Вазирлик маълумотларига кўра, семинарда вилоятларда шакллантирилган секторлар, туман ва шаҳар бандликка кўмаклашиш марказлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.
Таъкидлангани каби, вақтинча ишсиз аҳолини жамоат ишларига кенг жалб этиш Кармана туманида тажриба сифатида йўлга қўйилиб, синаб кўрилди.
Охирги уч ой давомида 3 минг фуқаро мазкур тизим асосида иш билан таъминланиб, улар учун 3 млрд. сўмга яқин маблағ ойлик маош сифатида берилган.
Маълумотларга кўра, айни пайтда Навоий вилоятидан 17 минг фуқаро чет элга ишлаш учун кетган, 23 минг киши ишсиз. Фуқароларнинг жамоат ишларига жалб этилиши ушбу ҳолатни бартараф этиш, эҳтиёжманд оилалар сонини кескин камайтиришда муҳим омил саналади.
Тадбир якунида вилоят шаҳар ва туман бандликка кўмаклашиш марказларига “Damas” автомашиналари калити топширилди.
Сурат манбаи: https://www.ipnews.in.ua/news/zp/53135-36v-zaporozhe-ne-finansiruyutsya-obshchestvennye-raboty


