Ўзбекистонда Ислом Каримов номли ҳайрия фонди таъсис этилди

Дата: 15:07, 18-11-2016.

Тошкент. 18 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Ислом Каримов номли ҳайрия жамғармаси таъсис этилди. Бу ҳақида унинг қизи Лола Каримова-Тиллаева ўзининг Facebookдаги саҳифасида маълум қилди.

“(…) мен онам билан (Лола Каримова-Тиллаева ва Татьяна Каримова – ЎзТАГ) биргаликда Ислом Каримов номи билан аталувчи жамоатчилик хайрия Фондига асос солдик. Фонд ўз олдига Ўзбекистоннинг биринчи Президенти хотирасига бағишланган музейни ташкил қилиш ва Ватанимиз мустақиллигининг асосчиси тўғрисида мақола ва асарлар нашр этишни мақсад қилиб олган”, - деб ёзилади жума куни тарқатилган хабарда.

Таъкидланишича, фонднинг бирламчи вазифаларидан бири мамлакатимиз ҳамда ҳорижда Ўзбекистоннинг тарихий, маданий ва адабий меросини тарғиб қилишга мўлжалланган дастурларни амалга оширишдан иборат бўлади.

Шу билан бирга фонд ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантиришга, олий ўқув юрти ва мактаб мураббийлари ҳамда тиббиёт ходимларининг касбий малакаларини оширишга йўналтирилган турли илмий-маърифий, маданий дастур ва лойиҳалар амалга ошириш ниятида.

Бундан ташқари, И.Каримов фонди истеъдодли ёшларга мамлакат ва хорижий давлатларнинг энг илғор олий ўқув юртларида таълим олишлари учун грантлар тақдим этади. Мамлакатда илм-фаннинг тараққиётига ҳисса қўшиш мақсадида фонд томонидан илмий тадқиқот дастурларига ҳам грантлар ажратиш ҳам кўзда тутилган.

Шунингдек, Ислом Каримов фонди ўз фаолиятида ўзбек тилини ривожлантиришга алоҳида аҳамият беришни ўз олдига мақсад қилиб олган. Бундан ташқари, ташкилот томонидан ўзбек классик ҳамда замонавий ёзувчилар асарларини чет тилларга таржимаси ва нашри учун грантлар берилади.

Таъкидланишича, фонд фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири Она юртимизнинг анъаналари, адабиёти ҳамда халқимизинг бой маданий меросининг бошқа жабҳаларига тегишли адабиётлар нашр этиш бўлади. Фонд томонидан  ўзбек санъат усталари томонидан яратилган энг яхши асарлар коллекциясини тўплашни ҳамда машҳур рассомлар ва истъедодли ёш санъаткорларнинг кўргазмаларини ташкил этиш режалаштирилган.

“Мен Ислом Каримов фонди юртимизда истиқомат қилувчи кўпгина инсонларга ўз салоҳиятини амалга оширишда ёрдам бериб, она Ўзбекистонимизнинг маданий ва маърифий ривожига ўз салмоқли ҳиссасини қўшади, деб умид қиламан”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, Ислом Каримов 2016 йил 2 сентябрда 79 ёшида миясига қон қуйилиши (инсульт) оқибатида вафот этди. У ўзи туғилган Самарқанд шаҳрида Ҳазрат Хизр мажмуида дафн этилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: