Ўзбекистонда “Истеъдод” фондининг мақсадлари ўзгартирилди

Дата: 18:08, 31-07-2017.

Тошкент. 31 июл. ЎзТАГ – 27 июлда Ўзбекистон Президенти “Истеъдод” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидага қарорни имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хужжатга мувофиқ, ташкилот Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармасининг номи “Ўзбекистон Республикаси Президентининг чет элда стипендиатларнинг малака ошириши, стажировка ўташи ва таълим олишини ташкил этиш “Истеъдод” жамғармаси” деб ўзгартирилмоқда.

Қарор билан фонднинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Булардан бири –иқтисодиётнинг турли тармоқлари, давлат ва жамоат тузилмаларининг истиқболли мутахассислари, таълим муассасаларининг юксак интеллектуал-ижодий салоҳиятга эга бўлган педагог ва илмий кадрларини ривожланган давлатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасаларида малакасини ошириш ва стажировка ўташини ташкил этишдан иборат. Бундан кўзланган мақсад илғор илмий тадқиқотлар ва инновациялар, юқори технологияларнинг янги ютуқларида иштирок этиш, касбий билим, кўникма ва малакаларни замон талабларига ҳамоҳанг тарзда янгилаш, янги касбга, таълимга ва амалиётга йўналтирилган дастурларни ўзлаштиришдир.

Фондга иқтисодиёт тармоқлари, давлат ва жамоат тузилмаларининг танлов асосида саралаб олинган олий таълим муассасаларининг иқтидорли битирувчиларини, шунингдек, республика иқтисодиёти тармоқларининг малакали кадрларини дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги етакчи таълим ва илмий муассасаларида магистратура ва PhD дастурлари бўйича тайёрлашни ташкил этиш вазифаси юкланмоқда.

Фонд, шунингдек, ўқув жараёнларига юқори малакали хорижий олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларни жалб қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш билан шуғулланади.

Бундан ташқари, ташкилотга иқтисодиётнинг турли тармоқлари, давлат ва жамоат тузилмаларининг истиқболли мутахассислари, педагоглари, илмий кадрлари ва иқтидорли ёшларнинг илмий-педагогик ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, илғор халқаро тажрибаларни эгаллашлари учун уларнинг нуфузли халқаро симпозиумлар, анжуманлар, олимпиадалар ва танловларда иштирокини ташкил этиш иши юкланади.

Қарорга мувофиқ, фондни молиялаштириш манбалари ҳам белгиланган. Жамғарма 2022 йил 1 январгача давлат мақсадли жамғармаларига солиқ тўловлари ва мажбурий йиғимлардан озод қилинади.

Жамғарма томонидан чет элда таълим олган шахсларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатлари нострификациясини (эквивалентлигини қайд этиш) тўғридан-тўғри (махсус синовлар ўтказмасдан) амалга ошириш ҳам кўзда тутилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: