Ўзбекистонда истеъмолчилар қайси ҳолларда газ ва электр энергиясидан узиб қўйилиши белгиланди

Дата: 09:21, 24-07-2017.

Тошкент. 24 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда истеъмолчилар қайси ҳолларда газ ва электр энергиясидан узиб қўйилиши белгиланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Узиб қўйиш механизми Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги 484-сон қарори билан аниқлаштирилган.

Хужжатга мувофиқ, истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади: шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда, шу жумладан ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги оқибатида фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ учун қарздорлик мавжуд бўлганда; Бюро талабномалари ижро этилмаганда, шу жумладан унинг вакилларига электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларига кўрсаткичларни олиш учун рухсат этилмаганда;

электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож қилиш ёки электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузишнинг бошқа ҳолатлари аниқланганда.

Истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун қарзи мавжуд бўлган истеъмолчилар рўйхати энергия ресурсларини етказиб берувчилар томонидан ҳар ойнинг ўн биринчи санасидан бошлаб ҳар куни шакллантирилади ҳамда ягона электрон идоралараро ахборот тизими орқали Бюрога тақдим этилади.

Кўрсатилган муддат ўтгандан кейин қарзларни мажбурий, шу жумладан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш йўли билан ундириш чораларини кўрилади. Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланган тақдирда улар электр ва газ тармоқларидан дарҳол узиб қўйилиб, қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиш чоралар кўрилади.

Электр энергияси ва табиий газ истеъмолчилари узиб қўйилган электр ва газ тармоқлари манбалари Бюро ходимлари томонидан назорат тартибида мажбурий пломбаланади.

Истеъмолчилар электр энергияси ва табиий газдан фойдаланишда йўл қўйилган қоидабузарликлар бартараф этилганда; истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун қарзлар тўланганда (жисмоний шахслар – ЭКИҲМ 2 баравари, юридик шахслар – ЭКИҲМ 10 баравари) электр ва газ тармоқларига қайта уланади.

Электр энергияси ва газ тармоқларидан узиб қўйилган, шунингдек, электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимларига уланган истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларига қайта улаш учун тўлов ундирилмайди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: