Ўзбекистонда истиқболсиз лойиҳаларни Инвестиция дастурига киритиш фактлари қайд этилди

Дата: 16:49, 31-05-2017.

Тошкент. 31 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда истиқболсиз лойиҳаларни Инвестиция дастурига киритиш фактлари қайд этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллардан аён бўлмоқдаки, айрим истиқболсиз лойиҳаларни Инвестиция дастурига киритиш ҳолатлари мавжуд бўлиб, уларнинг молиялаштириш манбалари ва мақсадли стратегияси аниқ белгиланмаган, кутилаётган натижалар бўйича зарур ҳисоб-китоблар ишлаб чиқилмаган”, - дейилади 30 май куни 2017 йилги Инвестиция дастурига киритилган ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат ҳудудларига ташрифлари давомида ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ишларнинг ҳолатини танқидий таҳлил қилиш ва баҳолаш масалалари кўриб чиқилган видеоселектор йиғилишига доир хабарда.

Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари томонидан тегишли вазирлик ва идораларга икки ой муддатда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, Инвестиция дастурини шакллантириш ва уни амалга ошириш, истиқболли инвестиция лойиҳалари базасини яратиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритиш ҳақида топшириқлар берилди.

Шунингдек, бу борада келгуси йил учун мўлжалланган Инвестиция дастурига фақат пухта ишлаб чиқилган, лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёр ва молиялаштириш манбалари аниқ бўлган инвестиция лойиҳаларини киритишга алоҳида эътибор бериш зарурлиги таъкидланди.

“Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ҳудудлар раҳбарларининг истиқболли лойиҳаларни шакллантириш сифати учун шахсий жавобгарлиги ва масъулиятини ошириш лозимлиги қайд этилди. Бу борада ҳар бир раҳбар ўз тармоғи ёки ҳудудини ривожлантириш бўйича аниқ устувор йўналишлар ва вазифаларни, келгуси йилларда қандай лойиҳаларни амалга ошириш зарурлигини ҳар томонлама чуқур билиши, яққол тасаввур қилиши шарт”, - деб қайд этилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: