Ўзбекистонда ўқитувчилар тақчиллиги ОТМ битирувчилари ва лицей ва коллежлар ўқитувчилари ҳисобига қопланади

Дата: 15:35, 17-08-2017.

Тошкент. 17 август. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ўқитувчилар тақчиллиги олий таълим муассасалари (ОТМ) битирувчилари ва лицей ва коллежлар ўқитувчилари ҳисобига қопланади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Мактабларда 10-синф очилиши муносабати билан 22 минг ўқитувчига эҳтиёж юзага келади. Шуларнинг 9,5 минг нафари олий таълим муассасалари битирувчилари ҳисобидан, 13 минг нафари лицей ва коллежлар ўқитувчиларини жалб этиш ҳисобидан қоплаш режалаштириляпти”, - дейилади Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг 16 августдаги таълим тизимидаги ислоҳотларга бағишланган йиғилишга доир хабарида.

Шунингдек, ўқув режасига кўра, 10-синф ўқувчилари ҳафтада 5 кун умумтаълим фанларини ва 1 кун касбга доир фанларни ўрганиши белгиланди. Касб-ҳунар коллежларидан узоқ масофада жойлашган 2703 та мактаб учун 1103 та мактабда, 6956 мактаб учун эса 615 та коллежда ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилади.

Бундан ташқари, 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб 10-синфларда дарс берадиган 116 минг нафар ўқитувчининг касбга оид билимларини янгилаш ва чуқурлаштириш мақсадида қисқа муддатли малака ошириш курслари йўлга қўйилди.

“10-синф ўқувчилари учун 8,5 миллион нусха дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар чоп этилиб, айни пайтда таълим муассасаларига етказилмоқда”, - дея таъкидланади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: