Ўзбекистонда қиймати 362 млрд сўмлик 56 спорт объектларини қуриш режалаштирилмоқда

Дата: 09:22, 21-09-2018.

Тошкент. 21 сентябр. ЎзТАГ – 2018 йил охиригача Ўзбекистонда қиймати 362 млрд сўмлик 56 спорт объектларини қуриш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябр куни ўтказиб, жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда сўз борди.

“Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан жорий йилда 56та спорт объектини қуриб, фойдаланишга топшириш, ушбу мақсадларга 362 млрд сўм маблағ сарфланиши белгиланган”, - дейилади президент матбуот хизматининг хабарида.

Таъкидланишича, лекин 10 сентябрь ҳолатига кўра, атига 113 млрд сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилган. Сирдарё, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қурилиш ишлари орқада қолаётгани кузатилмоқда. 

Шу муносабат билан Ш. Мирзиёев тегишли вазирлик ва ташкилотларга спорт объектларида қурилиш-таъмирлаш ишларини ўз вақтида якунлаш, Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармасининг 2019 йилги манзилли дастурини шакллантириш бўйича топшириқ берилди. 

Шунингдек, йиғилишда федерацияларнинг иши сустлиги сабабли от спорти, сузиш, қиличбозлик, ўқ отиш ва жамоавий спорт турлари бўйича халқаро мусобақаларда яхши натижаларга эришилмаётгани танқид қилинди. Шу боис Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида ташкил этилаётган олимпия тайёргарлиги марказларини 2020 йилга қадар фойдаланишга топшириб, уларда Хитой тажрибасини қўллаш, яъни спортчиларнинг марказда доимий истиқомат қилиб, мақсадли тайёргарлик кўриш тизимини йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Бундан ташқари, малакали мураббийлар камлиги, хусусан, қишки спорт турлари бўйича мутахассислар етишмаслиги қайд этилди. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига мураббийлар тайёрлашни такомиллаштириш, уларга лицензия бериш механизмини соддалаштириш вазифаси қўйилди. 

Сурат манбаи: из http://www.press-service.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: