Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш бўйича механизм яратилади
Тошкент. 2 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев қийноқларни олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни яратади. Бу ҳақида омбудсманнинг матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Хабарга кўра, қийноқларнинг олдини олиш бўйича механизм жазони ўташ, қамоқда сақлаш муассасалари ва махбусларни бошқа сақлаш жойларини мониторинг қилиш ва махбуслар билан шафқатсиз, ғайриинсоний муомила қилиш ҳолатларини аниқлашни кўзда тутади.
Шунингдек, маҳкумлар ва хибсга олинганларнинг шафқатсиз муносабат бўйича шикоятларини кўриб чиқишда жавобгарлик кучайтирилади, омбудсманнинг ОАВ ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорлиги кенгайтирилади. Муҳаммадиев қамоқда сақлаш муассасаларига ҳеч қандай тўсиқларсиз ташриф буюриш ҳуқуқига эга.
Эслатиб ўтамизки, 1 апрелдан Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизими либерализация қилиш ишлари бошланди.
Киритилган ўзгартишларга мувофиқ, Ўзбекистонда жиноят қилишда гумон қилинган кишиларни хибсда ушлаб туриш муддатлари қисқартирилди, шунингдек, хибсда сақлаш ва уй қамоғида қолдиришнинг энг кўп муддатлари камайтирилди.
Махбусларнинг шафқатсиз муносабатга доир барча мурожаатлари омбудсман маъмурияти томонидан синчиклаб кўриб чиқилади.


