Ўзбекистонда ижтимоий соҳага давлат бюджети харажатларининг 59,1% йўналтирилади

Дата: 17:31, 04-03-2016.

Тошкент. 4 март. ЎзТАГ – 2016 йилда Ўзбекистонда ижтимоий соҳага давлат бюджети харажатларининг 59,1% йўналтирилади, бу эса 2015 йилдагидан кўпдир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар мамлакат раҳбари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг якуний йиғилишидаги маърузасида келтирилди. Жумладан, таълимга 33,7%, соғлиқни сақлашга бюджетнинг 14% йўналтирилади.

Айни пайтда таълим соҳасини таъминлаш ва ривожлантириш харажатлари 2015 йилдагига қарши ўлароқ 16,3%, соғлиқни сақлаш йўналишида эса 16% ўсади.

13 олий таълим муассасаси, жумладан, Қорақалпоғистон, Бухоро ва Самарқанд давлат университетлари, Фарғона политехника институтидаги қурилиш ва реконструкция ишларига 355 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, Тошкент давлат стоматология институти бинолари, Тошкент шаҳридаги Инха университети ва Сингапур менежментни ривожлантириш институти филиалларининг янги ўқув корпуслари қурилади.

Аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи ҳам энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолади. 2016 йилда 990 мингга яқин янги иш ўрин яратиш мўлжалланмоқда, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш соҳасини изчил ривожлантириш ҳисобидан 660 мингдан зиёд иш ўрни яратилади. 2016 йилда олий ўқув юртлари, лицей ва коллежларнинг 510 мингдан ортиқ битирувчиларини иш билан таъминлаш зарур.

Янгилик билан ўртоқлашиш: