Ўзбекистонда кўчмас мулк объектларига кадастр жилдларини тайёрлаш қоидалари тасдиқланди
Тошкент. 20 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда кўчмас мулк объектларига кадастр жилдларини (хужжатлар тўпламини) тайёрлаш қоидалари тасдиқланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Давлат рақобат қўмитасидан хабар қилишларича, қоидалар Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг қарори (Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 3 ноябрда 2725-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тасдиқланган.
Хужжатда кадастр жилди туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси томонидан тайёрланади ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризага илова қилинади. Кадастр жилдини тайёрлаш учун юридик ва жисмоний шахслар давлат корхонасига тегишли ариза билан мурожаат қилади. Унга қатор ҳужжатлар илова қилинади. Улар тўлиқ бўлмагунча кадастр иши очилмайди.
Аризалар топширилган куннинг ўзида кўчмас мулк билан боғлиқ ишларни бажариш бўйича аризалар реестрига қайд этилади. Давлат корхонасига телекоммуникация каналлари орқали электрон ҳужжат кўринишида ариза бериш, кадастр жилдини тайёрлаш бўйича шартномани расмийлаштириш, бажарилган ишлар учун тўловларни телекоммуникация каналлари орқади электрон шаклда амалга ошириш мумкин.
Ариза келиб тушган куннинг ўзида давлат корхонаси ва аризачи ўртасида кадастр жилдини тайёрлаш бўйича шартнома тузилади. Кадастр йиғмажилдини тайёрлаш муддати кадастр объектининг мураккаблигига қараб уни тайёрлаш бўйича шартномада белгиланади ва бир ойдан ошмаслиги керак. Аризачи билан келишган ҳолда кадастр йиғмажилдини тайёрлаш учун муддат оширилиши мумкин.
Хужжатда ер участкасининг, бино ва иншоотларнинг, кўп йиллик ўсимликларнинг кадастр маълумотларини тайёрлаш қоидалари батафсил белгиланган. Агарда тайёрланган кадастр жилдида камчиликлар аниқланганда улар ёзма равишда бир кун ичида ижрочига тақдим этилиб, у камчиликларни кўриб чиқади ва 3 кун ичида кадастр жилдига тузатишлар киритади.
Қарор 2015 йил 9 ноябрдан кучга кирди.


