Ўзбекистонда кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш тартибларини енгиллаштириш масалалари муҳкокама қилинди

Дата: 14:40, 07-05-2014.

Тошкент. 7 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатга олиш жараёнини соддалаштириш ва уни электрон шаклга ўтказишни жадаллаштиришга бағишланган ишчи йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) қўмита матбуот хизматига асосланган ҳолда.
Мазкур топшириқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг апрелдаги Фармонига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Тадбирда давлат органлари вакиллари томонидан кўчмас мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини рўйхатга олиш жараёни, зарур ҳужжатлар сони, уларни тўплаш, давлат идораларига ташриф, хизмат фойдаланувчилари томонидан сарфланадиган вақт ҳамда маблағларни кескин қайта кўриб чиқиш зарурлиги айтилди. Шунингдек, йиғилишда мазкур жараён тўғрисида таҳлил ўтказиш, мазкур жараённи қайта ташкил этишга оид маълумотларни тақдим этишда баъзи бир масъул ташкилотлар томонидан зарур чоралар кўрилмаётгани, лойиҳани қўллаб-қувватлашда сусткашликка йўл қўйилаётгани таъкидланди.
“Бу жараёнда давлат органлари ўзларига зарур маълумотлар базаси ва ахборот тизимларини ўзаро ҳамкорликда яратиб, аҳолига кўрсатилаётган хизматларни электрон шаклда, «ягона ойна» тамойили асосида кўрсатишнинг муҳимлигини англашлари мақсадга мувофиқ”,- дейилади қўмита хабарида.
Йиғилиш якунида мулкни рўйхатдан ўтказиш, ер участкаларини ажратиш, қурилишга рухсатномалар бериш, электр тармоқларига уланиш жараёнини тўлиқ инвентаризация қилиш бўйича идоралараро масъул ишчи гуруҳ тузиш бўйича қарор қабул қилинди. Ишчи гуруҳи фаолиятини мазкур жараёнларни соддалаштиришга, қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритишга, жараёнларни босқичма-босқич электрон шаклга ўтказишга хизмат қиладиган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ ташкил қилади, деб таъкдланади Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси хабарида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: