Ўзбекистонда кам таъминланган оилалар учун йилига 4%лик имтиёзли микрокредитлар ажратилади

Дата: 16:46, 02-11-2017.

Тошкент. 2 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда кам таъминланган оилалар учун йилига 4%лик имтиёзли микрокредитлар ажратилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Кам таъминланган оилаларни бандлик билан таъминлаш учун тижорат банклари томонидан микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисида”ги Низом билан тасдиқланган. Ҳужжат Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган.

Ҳужжатга мувофиқ, тижорат банклари муайян меҳнат турлари билан шуғулланиш истагида бўлган камтаъминланган оилаларга уларнинг оилаларини етарли даражада таъминлаш имконини берадиган имтиёзли микрокредитлар ажратади. Айни пайтда микрокредитлар тикув машиналари, матолар ва бошқа сарф материаллари, косибчилик фаолияти учун инвентарлар, маиший, компьютер ва бошқа техникалар, шунингдек, меҳнат билан бандликни таъминловчи бошқа асбоб-ускуналар харид қилиш, шахсий томорқа участкаларини ривожлантириш (кичик-иссиқхоналар барпо этиш, чорва моллари, парранда сотиб олиш, оғилхона ва товуқхона қуриш, боғдорчилик инвентарлари ва асбоблари харид қилиш) мақсадлари учун энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдоригача йиллик 4 фоиз ставкада ажратилади.

Микрокредитлар қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз, 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан, 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: