Ўзбекистонда каратэ бўйича Осиёнинг клублар ўртасида чемпионати бўлиб ўтади

Дата: 17:16, 13-04-2015.

Тошкент. 13 апрел. ЎзТАГ – 25 ва 26 апрел кунлари Тошкентда каратэ бўйича Осиёнинг клублар ўртасида чемпионати бўлиб ўтади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Нафақат миллий чемпионатлар, балки клублар ўртасида ҳам турнирлар ўтказиш – каратэ спорти ривожидаги навбатдаги янги босқичдир. Қитъанинг барча мамлакатлари Тошкентда 2012 йилда муваффақиятли ўтказилган каратэ бўйича Осиё чемпионатини ҳамон яхши хотирлайдилар. Шу сабабли Ўзбекистон клублар ўртасида қитъа чемпионати ўтказиладиган жой сифатида танланди”, – деб таъкидлади Осиё каратэ федерацияси вице-президенти Ксухуй Ванг.

“Яқин кунларда Тошкентга Осиё каратэ федерациясининг расмий делегацияси ташриф буюради. Унга ташкилот раҳбари Ксухуй Ванг бошчилик қилади. Делегация объектларнинг турнирни ўтказишга тайёргарлигини баҳолайди. Мусобақанинг асосий қисми “Ўзбекистон” спорт мажмуида ўтказилади”, – деб хабар қилишди Шарқ яккакурашлари ва жанговор санъатларини ривожлантириш марказида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: