Ўзбекистонда “Касаба уюшмалари - болаларга” акцияси бўлиб ўтмоқда

Дата: 17:57, 05-06-2014.

Тошкент. 5 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси бутун мамлакат бўйлаб “Касаба уюшмалари – болаларга” деб номланган ижтимоий акцияни ўтказмоқда. Унинг доирасида 2000дан ошиқ “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари ва камтаъминланган оилаларнинг болалари, шунингдек, 500 иқтидорли болаларга болалар соғломлаштириш лагерларига бепул йўлланмалар топширилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгашидан хабар қилишларича, акция Бутунжаҳон болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланди. Унинг доирасида пойтахтдаги Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида катта ижтимоий акция ўтказилди.
Акция доирасида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида жойлашган 14та “Мурувват” ва “Меҳрибонлик уй”ларига компьютер жамланмалари топширилди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 560 бола учун Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига саёҳатлар ташкил этилди. 7 минг ўғил-қиз музейлар, Республика қўғирчоқ театри, маданият ва истироҳат боғларида мароқли ҳордиқ чиқарди.
“Касаба уюшмалари – болаларга” ижтимоий акцияси давом этмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: