Ўзбекистонда “Кайдзен” услубини жорий этиш бўйича қўлланма нашр қилинди
Тошкент. 22 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда республика корхоналарида “Кайдзен” услубини жорий этиш бўйича амалий қўлланма нашр қилинди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзстандарт” агентлигидан хабар беришларича, қўлланмада “тежамкор ишлаб чиқариш”, йўқотишларсиз ишлаб чиқариш тизимини яратишнинг асосий принцип ва воситалари ёритилган. Ушбу тизим “Кайдзен” деб аталади.
“Кайдзен” услуби тадбиркорларга катта молия маблағларисиз сифатни бошқариш тизимини жорий этиш, ишлаб чиқариш самарадорлиги ошишига тўсқинлик қилаётган йўқотишларни аниқлаш ва бартараф қилишга, шунингдек, корхона операцион фаолияти самарадолигини оширишга имкон беради.
Бугунда “Кайдзен” тизими “Toyota”, “GM”, “Canon”, “Siemens”, “General Electrics” каби дунёдаги етакчи ишлаб чиқарувчилар томонидан энг самарали ва муваффақиятли бошқарув тизимларидан бири сифатида тан олинган.
Қўлланма Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Германия Халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) “Марказий Осиёда ҳудудий иқтисодий ҳамкорликка кўмаклашиш” дастури кўмагида ишлаб чиқилган.