Ўзбекистонда кекса фуқаролар учун портал ишга туширилди
Тошкент. 6 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда кекса фуқаролар учун nuroniy.uz портали ишга туширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ахборот технологиялари вазирлигидан маълум қилишларича, ҳозирда порталга кекса инсонлар учун зарур ва фойдали ҳисобланган, турли имтиёз ва қулайликлар, пенсия ва ижтимоий қулайликларга оид янгиликларни, фойдали маслаҳат ва тавсиялар берувчи материалларни жойлаштириш ва уларни тизимли янгилаб бориш, ўзаро фикр-мулоҳаза алмашишга ёрдам берувчи ижтимоий тармоқни ишга тушириш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирилиги ва унинг ҳудудий бошқармалари, “Саховат” ҳамда “Мурувват” интернат-уйлари, кексаларга мўлжалланган санатория ва соғломлаштириш марказлари, ахборот-ресурс марказларини мазкур порталга босқичма-босқич улаш режалаштирилган.
Мазкур лойиҳа ишлаб чиқиш ва юритиш "Uzinfocom” Маркази ДУК, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази, шунингдек “Ўзбектелеком” АК кўмагида, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирилиги, Халқ таълими вазирлиги, “Нуроний”, “Маҳалла”, Пенсия жамғармалари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.


