Ўзбекистонда кексалар ва ногиронларга кўрсатиладиган хизматларнинг янги стандартлари ишлаб чиқилади

Дата: 12:32, 27-08-2015.

Тошкент. 27 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан кексалар ва ногиронларга кўрсатиладиган хизматларнинг янги стандартларини ишлаб чиқиш бўйича ишлар бошланди, деб хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Муассасадан хабар қилишларича, стандартларда кўрсатилаётган хизматлар ва ёрдам сифатига нисбатан талаблар, жумладан, дўстона муносабат, хизмат кўрсатувчи ходимларга ҳурмат, бир-бирига ишониш, ходимларни ишга олиш ва уларни бошқариш ҳамда бошқа нарсалар акс этади.

Ушбу ишлар ҳукуматнинг 10 августдаги қабул қилинган “Кексалар ва ногиронларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорини амалга ошириш доирасида амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамизки, қарорга мувофиқ давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини олишга ҳаққи бор кишилар рўйхати кенгаймоқда ҳамда янги хизмат кўмак турлари, уларни кўрсатишнинг янги тартиблари жорий этилмоқда.

Хусусан, 2016 йил январдан бошлаб болалари ва яқинларисиз яшаётган ногиронлиги бўлган ва ёрдамга муҳтож 17 мингдан ошиқ кексанинг ҳар бири учун ижтимоий хизматларнинг индивидуал дастурлари ишлаб чиқилади.

Уйда кўрсатиладиган хизматлар янгича шаклда амалга оширилади. Агар илгари парваришловчи ижтимоий соҳа ходимлари барча четдан парваришга муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронларнинг уйига ногиронлиги, касаллиги ва эҳтиёжларини ҳисобга олмай туриб, ҳафтасига икки марта келиб кетган бўлса, эндиликда парвариш қилувчи ходимларнинг миқдори ва келиб-кетиш вақти давомийлиги Бартель (оддий ҳаракатларни қила олишни баҳолаш шкаласи) ва Лаутон (мураккаб ҳаракатларни қила олишни баҳолаш шкаласи) шкаласидан келиб чиқиб белгиланади ҳамда айрим эҳтиёжмандлардан ҳафтасига етти кун хабар олиб турилади.

Хусусан, ушбу шкалалар бўйича кишининг мустақил овқат қабул қила олиши, чўмила олиши ва узини эплаши, кийиниш ва оёқ кийимини кия олиши, хожатга мустақил чиқа олиши, ҳаракатлана олиши, тура олиши, зинадан туша олиши, харидлар қила олиши ва уй хўжалигини юрита олиши кабилар баҳоланади.

Бундан ташқари, ижтимоий ёрдам соҳасидаги янгиликлардан яна бири ҳар ойда ёлғиз кексалар ва ногиронларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарлари номининг 9тадан 15тагача кўпайтирилиши, шунингдек, ёрдам олувчига жами маҳсулотларнинг умумий нархидан ошиб кетмаган ҳолда маҳсулот ва товарлар тури ва миқдорини танлаш ҳуқуқини беришдан иборат бўлди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: