Ўзбекистонда кейинги йил ўртасидан бошлаб баъзи товарларни мажбурий маркировкалаш жорий этилади

Дата: 16:02, 04-12-2018.

Тошкент. 4 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда кейинги йил ўртасидан бошлаб баъзи товарларни мажбурий маркировкалаш жорий этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасининг 2019 йилнинг 1 августидан бошлаб, товарлар тоифасидан келиб чиқиб, импорт қилинадиган ва республикада ишлаб чиқариладиган товарларни ҳимояланган белги ва (ёки) нано-молекуляр технологиядан фойдаланган ҳолда мажбурий маркировкалашни босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин”, - дейилади Ўзбекистон Президентининг “Алоҳида турдаги товарларни маркировкалашнинг замонавий усулларини жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори матнида.

Шундан кейин қайд этилишича, мажбурий маркировкалаш жорий этилган санадан бошлаб, мазкур қарорнинг иловасида кўрсатилган товарларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маркировкасиз сотиш тақиқланади.

Шу билан бирга, маркировкаланиши мажбурий бўлган товарлар гуруҳлари рўйхатига янгидан қўшилган товарларни, ушбу товарлар рўйхатга киритилган кундан бошлаб 180 кун мобайнида маркировкасиз сотилишига рухсат этилади.

Шунингдек, мазкур қарорнинг иловада кўрсатилган, шу жумладан, акцизли товарларни маркировкалашга доир хизматларни бевосита маркировкалаш бўйича хизматлар ягона етказиб берувчисидан сотиб олиш хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Сурат манбаи: https://www.uzdaily.uz/articles-id-40567.htm

Янгилик билан ўртоқлашиш: