Ўзбекистонда кейинги йилларда ажралишлар сони ҳар йили 10-11% ўсмоқда

Дата: 11:02, 08-02-2018.

Тошкент. 8 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда кейинги йилларда ажралишлар сони ҳар йили 10-11% ўсмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Охирги йилларда ажрашишлар сони ҳар йили 10-11 фоизга ошиб боргани ташвишланарлидир. 2017 йилда 31 мингдан зиёд ажралиш ҳолати қайд этилган. Бунинг оқибатида, асосан, аёллар ва болалар жабр кўрмоқда. Аёллар ўртасида жиноятга қўл уриш ҳоллари кўп учрамоқда”, - дейилади Ўзбекистон президенти раислигида 7 февраль куни хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган йиғилишга доир хабарида.

Шундан кейин таъкидланишича, хотин-қизларга эътибор ҳамма вақт барча саъй-ҳаракатларимиз марказида бўлиши, ҳаммамизнинг вазифамизга айланиши керак, деди давлатимиз раҳбари. Оилага эътибор аслида бу ўзлигимизга эътибордир.

“Йиғилишда хотин-қизлар қўмиталари фаолияти қониқарсиз экани, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларга кўмак бериш, эрта никоҳлар, ажрашишлар ва аёллар жиноятчилигининг олдини олишга етарлича эътибор берилмагани таъкидланди”, - дейилади хабарда.

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ушбу ва бошқа муаммоларни ҳал қилишга йўналтирилган. Хусусан, республика, вилоятлар, шаҳар ва туманлар аёллар қўмиталарининг таркиби тубдан такомиллаштирилди.

Бундан ташқари, барча маҳалла фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, аниқ вазифалари, мақоми белгилаб берилди.

Сурат манбаи: http://islam-today.ru/novosti/2018/02/05/v-uzbekistane-zelausih-razvestis-zastavat-platit/

Янгилик билан ўртоқлашиш: