Ўзбекистонда хўжалик ишлари бўйича судьялар учун қўлланма ишлаб чиқилди
Тошкент. 24 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судида “Хўжалик судлари бўйича суд хужжатлари намуналари” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Нашр Олий суд, АҚШ Халқаро ривожланиш агентлиги (USAID) ва БМТнинг “Ўзбекистонда қонун устиворлиги соҳасида ҳамкорлик” дастурининг қўшма лойиҳаси доирасида чоп этилган.
Онлайн-видеоконференция шаклида ўтган тадбирда таъкидланишича, бу китобда хўжалик судлари бўйича 400 атрофида барча суд хужжатлари намуналари тўпланган.
Ташкилотчиларнинг маълумотларига кўра, ушбу китоб хўжалик судьялари учун асосий иш қўлланмаси бўлиб хизмат қилиши, шунингдек, юридик факультетлар талабалари учун ўқув қўлланмаси сифатида ишлатилиши мумкин.
Тақдимот доирасида муаллифлар иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.