Ўзбекистонда халқаро тўлов карталаридан нақд хорижий валютани ечиб олишга рухсат берилди

Дата: 12:21, 04-04-2018.

Тошкент. 4 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Марказий банки 1 апрелдан жисмоний шахслар халқаро тўлов карталарига сотиб олинган хорижий валютани нақд кўринишда ечиб олиш ҳуқуқига эга бўлганини маълум қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга президентнинг 23 мартдаги ПҚ-3620 сонли “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори асос бўлди.

ЎМБнинг 3 апрелдаги маълумотига кўра, ҳозирда тижорат банклари жисмоний шахслар халқаро тўлов карталаридан пулларни ечиб олишга мўлжалланган терминаллар билан таъминланган. Йил охирига қадар республика бўйича яна 1000 та банкоматлар ўрнатилади. Бир банкда бошқа банклар карталаридан нақд пулни ечиб олишда қўшимча комиссия тўлови олинади. Қоидага кўра, у ечиб олинаётган сумманинг 1 фоизини ташкил этади.

Банк кассасидан хорижий валютани нақд кўринишда ечиб олишда тижорат банклари мижознинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини (паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат) кўрадилар.

Бундан ташқари, апрелдан халқаро тўлов карталарига хорижий валютани сотиш-сотиб олиш бўйича операцияларни ўтказишга хизмат қилувчи жисмоний шахслар ҳисобларини масофадан бошқариш тизими жорий этилди.

Шунинг билан боғлиқ ҳолда, Ўзбекистон ТИФ Миллий банки, Hamkorbank, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Ипотека банк”, “Агробанк”, “Ориент финанс банк”, “Азия альянс банк”, “Қишлоқ қурилиш банк” ва “Ипак йўли банк” халқаро тўлов карталарига хорижий валюталарни сотиб олиш ва сотиш учун мобил иловани ишга туширди.

Фойдаланувчилар мобил иловаларни Google Play ва AppStore орқали юклаб олишлари мумкин. Бошқа банклар бу каби мобил иловаларни ишлаб чиқмоқда, улар ишга тушиши билан хабар қилинади.

Сурат манбаи: https://www.trend.az/business/economy/2881673.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: