Ўзбекистонда халқаро жаз фестивали давом этмоқда

Дата: 14:52, 15-04-2016.

Тошкент. 15 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда халқаро жаз фестивали давом этмоқда. Унинг доирасида 16 апрелда Тошкентдаги Ўзбекистон Давлат консерваториясида жаз жамоалари концерти ўтказилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хабар қилинишича, 21 апрелда жаз ва мусиқа ихлосмандларини чех саксофончиси Михал Вроблевски билан учрашув кутади. У Ўзбекистон Давлат консерваториясида Ботир Зокиров номидаги Ўзбекистон Жаз-оркестри билан биргаликда концерт беради.

23 апрелда “Туркистон” саройи саҳнасида Латвия радиосининг Биг-бэнди чиқиш қилади. 24 апрелда эса фестивал дастуридан Индонезиялик мусиқачи Двики Дармавана ва унинг гуруҳининг концерти ўрин олган.

26 апрелда консерваторияда Туркия, Швейцария, Индонезия ва Ўзбекистон жаз оркестрларининг Ботир Зокиров таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб қўшма концерти ўтказилади.

27 апрелда Ўзбекистон Давлат консерваторияси саҳнасида Ахмет Беркер (Туркия) мусиқачилари гуруҳиниг чиқиши кутилади. Шу ернинг ўзида 28 апрелда “NoisyMinority” гуруҳини (Швейцария) тинглаш мумкин бўлади. 29 апрелда яна шу ерда пианист Эрве Селлан (Франция) ва Ботир Зокиров номидаги Ўзбекистон Жаз-оркестрининг қўшма концерти ўтказилади.

Фестиваль Франция, Швейцария ва Ўзбекистон жаз ижрочиларини бирлаштирган қўшма концерт билан якунланади. У консерваторияда 30 апрелда ўтказилади.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда Халқаро жаз фестивали американинг “The Exchange” вокал гуруҳининг маҳорат дарслари ва концертлари билан бошланган эди (5-11 апрел кунлари).

Маълумот ўрнида, 2011 йил ноябрда 30 апрел БМТнинг ЮНЕСКО ташкилоти  томонидан Халқаро жаз куни деб эълон қилинган. Ушбу қарор БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2015 йил декабрда расман маъқулланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: