Ўзбекистонда хатланган мулкларни сотиш бўйича очиқ савдолар фақат онлайн-аукционлар шаклида амалга оширилади
Тошкент. 28 июл. ЎзТАГ – 2017 йил сентябрдан бошлаб хатланган мол-мулкларни сотиш бўйича очиқ савдолар E-Ijro Auksion ягона электрон савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион шаклида олиб борилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу Ўзбекистон Президентининг 27 июлдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.
Электрон онлайн-аукционлар Интернет тармоғида аризаларни қабул қилиш ва ғолибни аниқлаш жараёнларига ҳар қандай аралашувга йўл қўймайдиган махсус дастурий мажмуадан фойдаланган ҳолда ташкил этилади ва ўтказилади.
Электрон онлайн-аукционларда ғолибларни аниқлаш ташқаридан аралашувни истисно қилган ҳолда автоматик тарзда амалга оширилади. Аукцион ғолиби аукцион якунланиши билан дарҳол эълон қилиниб, аукцион натижалари тўғрисидаги баённома автоматик равишда шакллантирилади.
Эслатиб тамизки, аукцион ўтказиш тўғрисидаги хабарномаларни фақат босма нашрларда чоп этишни, аукционларга иштирок этишга ёзма равишда шахсан бериладиган аризалар асосида қўйишни назарда тутувчи оммавий савдоларни ташкил этишнинг анъанавий усуллари инсофсиз савдо ташкилотчилари томонидан салоҳиятли харидорларнинг аукционда иштирок этишини чеклаш, мол-мулкни паст нархларда сотиш учун сохта аукционларни ўтказишга ва бошқа суиистеъмолчиликларга йўл очиб берганлиги аниқланди.


