Ўзбекистонда хитойнинг UnionPay тўлов тизими ишлай бошлайди
Тошкент. 14 июн. ЎзТАГ – 20 июнда Тошкентда UnionPay халқаро карталарининг Ўзбекистонда ишга туширилишига (эквайринг) бағишланган расмий маросим бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Банклари ассоциацияси сайтидаги маълумотга кўра, маросимда China UnionPay президенти жаноб Ши Венчао бошчилигидаги UnionPay делегацияси иштирок этади.
UnionPay Visa ва MasterCard тўлов тизимларидан кейин Ўзбекистонда тўловга қабул қилинадиган учинчи халқаро тўлов (валюта) карточкалари тизими бўлиши кутилмоқда.
UnionPay International тўлов тизими – бу энг йирик хитой тўлов тизими бўлиб, у Хитой Халқ Республикаси Марказий банки кўмагида 2002 йилда ташкил топган. Бугунги кунда дунё бўйлаб тўлов тизимининг 3,5 млрддан ортиқ карточкалари эмиссия қилинган. UnionPay карточкаларига дунёнинг 143 мамлакатида, хусусан 1 млндан ортиқ банкомат хизмат кўрсатади.