Ўзбекистонда хизмат қўрсатиш соҳасининг ЯИМ улушини 55% етказиш режалаштирилмоқда
Тошкент. 30 октябр. ЎзТАГ - Ўзбекистонда хизмат қўрсатиш соҳасининг ЯИМ улушини 55% етказиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу режалар Олий Мажлиснинг 2016 йилги давлат бюджетини кўриб чиққан бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар бўйича қўмитаси йиғилишида эълон қилинди.
“Хусусан, хўжалик юритувчи субъектларга солиқ юкини янада пасайтириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ходимларни рағбатлантириш учун қўшимча манба яратиш мақсадида хизмат кўрсатиш соҳасидаги микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловини 6 фоиздан 5% пасайтириш, ушбу корхоналар ихтиёрида 58.4 млрд сўм қолдириш имконини бериши билан биргаликда хизмат кўрсатиш соҳасини мамлакат ялпи ички маҳсулотдаги улушини 55% етказилишига хизмат қилади”, - дейилади Олий Мажлис матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, “кейинги йилларда солиқ ва мажбурий тўловлар бўйича корхоналарга, кичик бизнес субъектларига қатор имтиёзларнинг берилиши, аввало, ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, сервис ва хизматлар соҳасинининг ривожланишига, энг муҳими - аҳоли бандлиги ва даромадларини ортишига хизмат қилаётганлигини инобатга олган ҳолда 2016 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишларида ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, фойда солиғи, ягона солиқ тўлови, қўшилган қиймат солиғи ва бошқа бир қатор солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг амалдаги ставкаларини сақлаб қолиш таклиф этилмоқда”.
Шу орқали, “2016 йил учун белгиланган солиқ сиёсатининг асосий йўналишларида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида иқтисодиётга солиқ юки ялпи ички маҳсулотга нисбатан ўтган йилги 20.7%дан 19.1%гача камаяди”.
$1 = 2677,75 сўм


