Ўзбекистонда хизматлар соҳасининг ўсиши 24% ташкил қилди

Дата: 15:30, 13-02-2018.

Тошкент. 13 феврал. ЎзТАГ – 2017 йилда алоқа ва ахборотлаштириш соҳаларида кўрсатилган хизматлар миқдори 7,9 трлн. сўмни ташкил қилди, бу эса 2016 йил билан солиштирилганда 24% (солиштирма нархларда 15,6%) кўпдир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ахборот технологиялари вазирлигининг таъкидлашича, айни пайтда Ўзбекистонда хизматлар соҳасининг ривожланиши моддий ишлаб чиқариш соҳаларидаги ўсиш суръатни ортда қолдирмоқда. Жумладан, 2017 йилнинг январ-декабр ойларида ялпи ички маҳсулотда (ЯИМ) хизматлар соҳаси улуши 47,3 %ни ташкил қилган.

Ўтган йилда хизматлар ҳажми 116 трлн. 795,7 млрд. сўмни ташкил этиб, 8,9 %га ўсди. Юқори ўсиш суръатларини товарларни кредит карталари орқали тўловлар, интернет орқали савдолар каби янги хизмат турларини пайдо бўлиши, янги савдо марказлари, овқатланиш мажмуалари, мехмонхоналарнинг ишга тушиши, таълим ва кўнгилочар хизматларининг кенгайиши билан изоҳлаш мумкин.

Шунингдек, қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда валюта бозорининг эркинлаштирилиши ҳамда 2017 йилнинг сентябрида хорижий валюта курси кескин кўтарилишига қарамасдан, алоқа хизматлари тарифларида нархларнинг ўсиши кузатилмади.

Алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги хизматларни кўрсатишда асосий улуш (87,3%) телекоммуникация хизматлари (симли ва мобил алоқа, Интернет тармоғи, телерадиоузатиш ва бошқалар) ҳиссасига тўғри келди.

2017 йилда АКТ соҳасига жалб қилинган инвестициялар миқдори 1,891 трлн. сўмни (ўсиш суръати 168,7 %), жумладан хорижий инвестициялар улуши 1,557 трлн. сўм (ўсиш суръати 2,2 баробар)ни ташкил қилган.

$1=8188,33 сўм

Сурат манбаи: https://blog.adaptiveinsights.com/tech-innovation/tech-talk-best-practices-for-measuring-metrics/

Янгилик билан ўртоқлашиш: