Ўзбекистонда хорижга валюта олиб чиқиш билан шуғулланган жиноий гуруҳнинг фаолиятига чек қўйилди

Дата: 10:39, 25-05-2015.

Тошкент. 25 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ходимлари томонидан хорижга йирик миқдорда чет эл валютаси олиб чиқиш билан шуғулланган жиноий гуруҳнинг фаолиятига чек қўйилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Жиноий гуруҳ ўз фаолиятида халқаро пластик карталардан фойдаланган. 1989 йилда туғилган ишсиз бўлган Маҳкамжон Мирзалимов Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки филлиалларининг бўлим бошлиғи Саидакмал Усмонов билан тил бириктиради. Кейин Мирзалимов гуруҳга Тошкентда истиқомат қилувчи уч кишини жалб қилади. Уларнинг вазифаси – маълум пул эвазига хорижий валютада ҳисоб рақами очишга рози бўлган кишиларни излаб топишдан иборат бўлган. Гуруҳ $66 минг маблағ йиғилган 33 халқаро валюта тўлов карталари очишга муваффақ бўлган”, – деб таъкидлади МХХдаги манба.

Мирзалимовнинг кўрсатмаларига мувофиқ, чет эл валютаси йиғилган пластик карталар Туркияга жўнатилиши, у ерда жиноятчининг таниши ушбу пулларни нақдга айлантириб, унга Ўзбекистонда сотиш учун товарлар сотиб олиши зарур бўлган. Тўлов карталари Туркияга учиб кетаётган тасодифий танишлар орқали бериб юборилиш жараёнида “Тошкент” халқаро аэропортида олиб қўйилди.

Тошкентнинг Сергели туман Жиноят ишлари бўйича суди томонидан жиноятнинг беш иштирокчиси Ўзбекистон Республикаси ЖК 177 ва 28 ҳамда 29 моддалари бўйича айбдор деб топилди. Бундан ташқари, С.Усмонов ЖКнинг 205 моддаси бўйича ҳам айбдор деб топилди. Суд айбдорларга энг кам иш ҳақи миқдорининг (ЭКИҲМ) 110 бараваридан 200 бараваригача жарима жазоси белгилади.

1 ЭКИҲМ=118,4 минг сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: