Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони 2,8 баробарга кўпайди

Дата: 14:25, 14-12-2018.

Тошкент. 14 декабр. ЎзТАГ – 2018 йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони 2,8 баробарга кўпайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар “Тараққиёт стратегияси” марказида “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг 2018 йилги фаолияти дастлабки натижалари” мавзусидаги матбуот анжуманида очиқланди.

“2018 йилнинг 9 ойи мобайнида мамлакатда хорижий капитал иштирокида жами 1662 та корхона ташкил қилинди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан солиштирганда мавжуд корхоналар сони 2,8 баробарга ёки 1036 тага ортди“, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Инвестиция форумлари ва PRни мувофиқлаштириш бошқармасининг хабарида.

Таъкидлаш жоизки, дейилади шундан кейин, Ўзбекистонда 2017 йил сентябридан бошлаб валюта сиёсатини либераллаштириш натижасида мамлакат иқтисодиётига маҳаллий ва хорижий инвестициялар ҳажмининг сезиларли даражада ошиши кузатилмоқда. Маълумотларга кўра, 2018 йил 1 октябр ҳолатига кўра Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 7144 та хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар рўйхатга олинган.

“Ҳозирги кунда умумий қиймати $25 млрд бўлган 89 лойиҳа фаол жорий этилиш босқичида, бундан $16 млрди ХМИ ва ИПФО маблағларидан ажратилган. Ажратилган маблағлар “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ва “Ҳар бир оила тадбиркор” давлат дастурлари, шунингдек, қишлоқ жойларида арзон уй-жой қурилиши, транспорт ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, соғлиқни сақлаш ва таълимни ривожлантириш, бюджетни қўллаб-қувватлаш, ипотека бозорини ривожлантиришга йўналтирилмоқда”, - дейилади хабарда.

 

Сурат манбаи: http://comptabilite.be

Янгилик билан ўртоқлашиш: