Ўзбекистонда Хотира ва Қадрлаш кунини байрам қилиш бўйича чоралар ишлаб чиқилди

Дата: 12:13, 17-04-2018.

Тошкент. 17 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Хотира ва Қадрлаш кунини байрам қилиш бўйича чоралар ишлаб чиқилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон президентининг “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.

Хусусан, Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчисига, фронт орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш мақсадида тегишли вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар, ҳарбий қисмлар вакиллари бириктириш ҳамда ушбу тоифадаги шахсларни қутлаш ва хушнуд этиш мақсадида уларнинг яшаш жойига раҳбарларнинг ташрифини ташкил этиш, ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг турар жойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш, Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш давомида Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари кўрсатган матонат, мардлик ва жасоратнинг аҳамиятини кенг аҳоли тоифалари, айниқса, ёшлар ўртасида тушунтириш, тарғиб ва ташвиқ этиш бўйича маданий-маърифий ва ватанпарварлик йўналишидаги тадбирлар ўтказилишини ташкил қилиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан бирйўла пул мукофотини тантанали равишда топшириш, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг истаклари асосида улар ўзлари жанг қилган мамлакатларга бир нафар кузатувчи билан сафарини ташкил этсин ҳамда ушбу сафар билан боғлиқ барча харажатлар қопланишини таъминлаш, Иккинчи жаҳон уруши фахрийларининг истаклари асосида Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги “Ўзбекистон” ҳамда республика ҳудудидаги бошқа санаторийларга бир нафар кузатувчиси билан бирга бепул юборишни ташкил этиб, уларни зарур авиа ва темир йўл чипталари билан таъминлаш белгиланди.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги белгиланган жойларда Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги ҳарбий техникалар намойишини ташкил этиш, Ғалабага ўз ҳиссасини қўшган, Ватанимиз мустақиллиги учун жонини, куч-қувватини аямаган ҳар бир фахрий, ҳар бир киши хотираси абадийлаштирилишини, уларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилишини таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Тошкент шаҳрида 2018 йил 9 май соат 21.00 да Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган байрам салютини ташкил қилиш топширилди.

Сурат манбаи: https://www.gazeta.uz/uz/2017/04/04/veterans/

Янгилик билан ўртоқлашиш: