Ўзбекистонда хусусий клиникаларнинг тиббий ихтисосликлари турлари 50тадан 126гача кенгайтирилди

Дата: 15:20, 19-10-2017.

Тошкент. 19 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда хусусий клиникаларнинг тиббий ихтисосликлари турлари 50тадан 126гача кенгайтирилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини ривожлантиришни такомиллаштиришга оид қарор билан хусусий тиббиёт муассасалари шуғулланиши мумкин бўлган тиббий ихтисослик турлари 50 тадан 126 тага кўпайтирилди. Натижада Тошкент шаҳрида Жанубий Корея, Ҳиндистон, Туркия, Жиззах шаҳрида Жанубий Корея, Фарғона, Қарши шаҳарларида ва Қумқўрғон туманида Ҳиндистон каби давлатлар билан қўшма клиникалар ташкил этилмоқда”, - дея қайд этилди 18 октябрда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, сифатли дори-дармон билан таъминлаш борасидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишланган йиғилишда.

Ўтган 9 ой мобайнида хусусий тиббиёт муассасалари яна 400 дан зиёдга кўпайиб, уларнинг сони 3 минг 860 дан ошгани хусусий тиббиёт муассасаларига берилаётган кенг имтиёз ва преференциялар самарасидир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: