Ўзбекистонда хусусий қўриқлаш агентликларига яна рухсат берилади

Дата: 16:29, 27-12-2018.

Тошкент. 27 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда беш йилдан сўнг хусусий қўриқлаш агентликларига яна рухсат берилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон президентининг “Давлатнинг иқтисодиётдаги ролини янада камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасининг “йўл ҳаритаси”да кўзда тутилган.

Хусусан, нодавлат ташкилотларига яна юридик ва жисмоний шахсларнинг объектларида қўриқлаш фаолияти билан шуғулланиш ва хавфсизликни таъминлашга рухсат бериш режалаштирилмоқда. Давлат раҳбарининг тегишли қарори лойиҳаси 2019 йил январига тайёрланиши зарур.

Шунингдек, ушбу ҳужжатда мазкур фаолиятни лицензиялаш талаб ва шартлари, ходимлар билан таъминлаш ва уларни тайёрлаш тартиблари ёзиб қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда хусусий қўриқлаш агентликлари 2014 йил 1 февралгача мавжуд бўлган. Мазкур санадан буён қўриқлаш хизматлари билан ИИВ ҳузуридаги “Қўриқлаш” бирлашмаси шартнома асосида шуғулланади.

 

Сурат манбаи: https://kommersant.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: